Қонунчиликдаги_янгиликлар Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди
Қонунчиликдаги_янгиликлар
Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (737-сон, 05.09.2019 й.)
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги ишга тушириладиган хўжалик субъектларининг ҳавони ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар мажбурий тартибда ўрнатилади.
Қарор билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига атроф табиий муҳит мониторинги соҳасида барча вазирлик ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланди.
Шунингдек, 2021 йил 1 январгача республика ва вилоят даражасидаги барча идоравий таҳлил лабораториялари аккредитациядан ўтказилади.
Қарорга кўра, атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси 2021 йил 1 январдан тўлиқ фаолият кўрсатиши белгиланди.
Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдан республикада атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматлаштирилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, мониторинг бўйича ишлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва камида 5 йилда бир марта қайта кўриб чиқиладиган Атроф табиий муҳит давлат мониторинги дастурига асосан ўтказилади.
Манба: huquqiyaxborot